"СУПЕРЛИГА". 21-тур. "Қўқон-1912"–"Пахтакор". Фақат ҳакамлар ҳақида


Бугун, аста-секин қизғин паллага кириб бораётган чемпионатимизда асосий ўйинлардан бири бўлиб ўтади. "Қўқон-1912"-"Пахтакор" қарама-қаршилиги 21-турнинг энг шиддатли учрашуви бўлиши кутилаяпти. Турнир жадвали нуқтаи-назаридан қаралса, беллашувнинг нақадар аҳамиятли эканлиги ойдинлашади.
3-4 даврада дастлабки олтилик жамоалари чемпионлик учун баҳс олиб боришини биласиз. Кучли олтиликда ўз имкониятларини яхшилаб олиши учун интилаётган "Пахтакор" Қўқондан фақат ва фақат ғалаба билан қайтиши лозим. Ўз навбатида, "Қўқон-1912" жамоаси ўша олтиталикка кириб, кейинчалик совринли ўринлар учун кураш олиб бориши учун "Пахтакор"ни нима қилиб бўлсада мағлуб этиши талаб этилади.
Ўйин атрофида тарқалаётган турли хил миш-мишлар, бўлар-бўлмас гаплар, қизиқарли башоратлар ўйинга ҳакамлар бригадаси тайинланганидан кейин янада авж олди. ПФЛ бўлажак баҳсга Шерзод Қосимов бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳини тайинлади. Бош ҳакамга қанотларда наманганлик Расул Фозилов ва Мўмин Мажидовлар ёрдам беради. Ижтимоий тармоқларда қўқонлик мухлислар "Пахтакор"нинг "ўз ҳаками" билан келаётганига шаъма қилаётган бўлса, "шерлар" мухлислари бу мавсумда Ш.Қосимов бошчилигидаги ҳакамлар жамоаси "Қўқон-1912" учун жудаям "омадли" ишлаганини "АГМК" билан бўлиб ўтган ўйин мисолида таъкидлашдан чарчашмаяпти.
Шундай экан, келинг янги форматда ўтказилаётган чемпионатимизда фаолият олиб бораётган ФИФА ҳаками Шерзод Қосимов ва бўлажак баҳсда унга қанотларда ёрдам берадиган ҳакамларнинг "Пепси Суперлига"да ўтказган ўйинларига батафсил тўхталиб ўтамиз.
Аввало шуни таъкидлаш лозимки, Ш.Қосимов бошчилигидаги ҳакамлар жамоаси жорий мавсумда "Қўқон-1912"нинг 3 та, "Пахтакор"нинг 4 та ўйинида ишлашга улгурган. Аҳамиятлиси, қўқонликлар Ш.Қосимов бошқарган ўйинларнинг ҳеч бирида мағлуб бўлмаган ("АГМК" ва "Пахтакор" билан сафарда дуранг ва ўз майдонида "АГМК" устидан ишончли ғалаба). "Пахтакор" эса Ш.Қосимов бошчилигида ўтган баҳсларнинг 2 тасида ғалаба қозонган бўлса (ўз майдонида "Навбаҳор" ва "Бунёдкор" бир хил – 1:0 ҳисобида), 1 тадан дуранг (ўз майдонида "Қўқон-1012") ва мағлубият ("Бунёдкор" майдонида) қайд этган.
"Қўқон-1912"-"Пахтакор" баҳси ёш бўлишига қарамай катта тажрибага эга бўлган ФИФА ҳаками Шерзод Қосимов учун янги форматда ўтказилаётган "Пепси Суперлига"даги 13-чи учрашув бўлади. У бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бунгача 12 та баҳсда, жумладан, 2-турда "Бунёдкор"-"Пахтакор" (1:0), 4-турда "Насаф"-"Металлург" (1:1), 6-турда "АГМК"-"Қўқон-1912" (0:0), 7-турда "Қизилқум"-"Нефтчи" (1:0), 8-турда "Пахтакор"-"Навбаҳор" (1:0), 10-турда "Пахтакор"-"Қўқон-1912" (1:1), 13-турда "Пахтакор"-"Бунёдкор" (1:0), 15-турда "Локомотив"-"АГМК" (2:1), 16-турда "Бунёдкор"-"Қизилқум" (2:0), 17-турда "Қўқон-1912"-"АГМК" (3:0), 19-турда "Локомотив"-"Бунёдкор" (3:1) ва 20-турда "Сўғдиёна"-"Насаф" (0:1) қарама-қаршиликларида ишлашга улгурган.
Яна бир қизиқарли маълумот. Ш.Қосимов бир мавсумда учта қарама-қаршиликни ҳам уй ҳам сафар учрашувларида ишлашга муваффақ бўлган дастлабки ҳакам мақомига эга бўлиш арафасида турибди. Шу пайтгача у "Пахтакор" ва "Қўқон-1912" нинг мос равишда "Бунёдкор" ва "АГМК" жамоаларига қарши ўтказган баҳсларининг ҳар иккисида ҳам ишлаган. Эътиборлиси, санаб ўтилган ўйинларда мезбонлар ютқазмаган.
Эътиборлиси, Ш.Қосимов бошчилигида суперлигада ўтказилган 12 та баҳснинг 8 тасида мезбонларнинг қўли баланд келган бўлса, 3 та ўйинда томонлар муроса йўлини танлаган. Бор йўғи 1 та беллашувда меҳмонлар ғалаба қозонишга муваффақ бўлган. Ана шу учрашувларда Ш.Қосимов томонидан футболчиларга 42 та сариқ ва 1 та қизил карточка кўрсатилган. 
Ўтказилган баҳсларнинг фақатгина биттаси, яъни, 20-турнинг "Сўғдиёна"-"Насаф" қарама-қаршилиги "карточка"ларсиз ўтган. 8-турдаги "Пахтакор"-"Навбаҳор" (1:0, 6 та сариқ карточка) ва 17-турдаги "Қўқон-1912"-"АГМК" (3:0, 5 та сариқ ва 1 та қизил карточка) беллашувлари кескин кечгани боис, Ш.Қосимов чўнтагидан 11 та сариқ ва 1 та қизил карточка олишга мажбур бўлган. 
Шерзод Қосимов бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи фаолиятига тўхталадиган бўлсак, унда муқим ёрдамчилар йўқлигини пайқаш қийин эмас. Масалан, машҳур ҳакамимиз Р.Эрматов ўз бригадасига эга. Унга қанотларда А.Расулов ва Ж.Саидовлар кўмаклашиб келади. Шунингдек, навоийлик ҳакам З.Қодиров ва андижонлик Т.Тўхтасиновлар ҳам ўзининг доимий ёрдамчиларига эга. Ёрдамчи ҳакамлар қайси ўлчовлар асосида тайинланишидан хабарим йўқлиги боис бу борада нимадир дейишга ожизман.
Ш.Қосимов шу пайтгача (суперлига баҳсларида) С.Шоюсупов, О.Абдувасилов, Т.Гайнуллин, А.Усмонов, Х.Шодмонов, Р.Шояхметов, А.Пўлатов, Р.Серазетдинов (барчаси Тошкент шаҳридан), А.Цапенко, А.Снетков, С.Улфатов (барчаси Тошкент вилоятидан), А.Калинин (Қарши) ва А.Буров (Бухоро) лар билан ишлаган.  
Фақатгина С.Шоюсупов ва О.Абдувасилов жуфтлиги билан 3 та ўйинда ("Бунёдкор"-"Пахтакор", "Пахтакор"-"Бунёдкор" ва "Локомотив"-"АГМК") бирга фаолият олиб борган, яъни суперлигада энг кўп биргаликда ишлаган ёрдамчилари айнан мана шу икки қанот ҳаками ҳисобланади. Мазкур баҳсларда футболчиларга 8 та сариқ карточка кўрсатилган.
Ўз навбатида шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, О.Абдувасилов ва С.Шоюсупов суперлига баҳсларида энг кўп ишлаган қанот ҳакамлари қаторидан жой олишган (бу борадаги энг юқори кўрсаткич Тошкент вилоятидан бўлган А.Цапенкода мавжуд (13-та ўйин)). Уларнинг ҳисобида мос равишда 12 ва 11 тадан ўйин мавжуд (21-турга тайинлов ҳам инобатга олинган).
Умуман олганда, Ш.Қосимов билан ишлаган қанот ҳакамлари статистикаси қўйидагича кўринишга эга: С.Шоюсупов ва А.Цапенко 4 мартадан Ш.Қосимов бригадасидан жой олган. Кейинги ўринларда О.Абдувасилов (3 марта Ш.Қосимов билан бирга ишлаган), А.Усмонов, Р.Серазетдинов, Р.Шояхметов (2), Т.Гайнулин, А.Калинин, А.Снетков, С.Улфатов, Х.Шодмонов, А.Буров ва А.Пўлатов (1) лар бормоқда.
 Энг қизиғи, наманганлик қанот ҳакамлари Расул Фозилов ва Мўмин Мажидов биринчи бор Шерзод Қосимов гуруҳида ишлайди (энг камида Пепси суперлигасида). ПФЛ футбол жамоатчилигининг катта қисми эътиборида турган бўлажак баҳс учун ҳеч бўлмаганда, Ш.Қосимов билан бирга ишлаш тажрибасига эга бўлган қанот ҳакамларини тайинласа бўлар эди (масалан, юқорида номлари келтириб ўтилган А.Цапенко, О.Абдувасилов, С.Шоюсупов). Ишқилиб, бўлажак баҳсда кутилаётган босим, мухлислар аншлаги ва кўпчиликнинг эътибори ­­­­- қанот ҳакамларини довдиратиб қўймасин-да! Бошқа томондан, уларни ҳам қачонлардир ана шундай катта ўйинларда синаб кўриш керак. 
Умуман олганда, Қўқонда Ш.Қосимовга ёрдам берадиган мазкур қанот ҳақамлари суперлиганинг 4 та баҳсида бошқа бош ҳакам бригадасида бирга ишлаган (2-тур: "Сўғдиёна"-"Нефтчи" (0:0), 13-тур: "Бухоро"-"Насаф" (1:0), 17-тур: "Металлург"-"Бунёдкор" (1:1), 20-тур: "АГМК"-"Қизилқум" (3:0)). Қизиғи, улар иштирок этган баҳсларда ҳам мезбонлар мағлуб бўлмаган (2 та ғалаба ва 2 та дуранг).
Бундан ташқари, М.Мажидовдан фарқли равишда Р.Фозилов суперлигада "Қўқон-1912" ва "Пахтакор" иштирокидаги ўйинларда ишлашга улгурган. У 8-турнинг "Сўғдиёна"-"Қўқон-1912" (1:1) ва 16-турнинг "Пахтакор"-"Бухоро" (2:0) баҳсларида қатнашган.  Умумий ҳисобда Р.Фозилов суперлиганинг 6 та, М.Мажидов эса 4 та баҳсида иштирок этган (қанот ҳакамларининг умумий статистикасида ўртачадан паст натижа ҳисобланади).
Қисқа қилиб айтганда, статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, Ш.Қосимов ва унинг ёрдамчилари мезбон жамоалар учун доим омадли ҳакам бўлиб келган. Бугун бу ўзига хос анъана бузиладими ёки йўқми биргаликда томоша қиламиз.
Имкон топсангиз стадионга ошиқинг, бўлмаса телевизор қаршисидан жой олишни унутманг. Бизни, жуда қизиқарли ва кескин кураларга бой ўйин кутмоқда. Бўлажак баҳсда, жамоаларга ҳам ҳакамлар гуруҳига ҳам омад тилайман. Умид қиламиз, майдонда зўри ғолиб бўлади. Худо ҳоҳласа, ҳакамлар аралашуви, уларнинг қайсидир жамоага ён беришлари, атайин қилиниши мумкин бўлган қўпол хатоларисиз, шубҳали ва баҳсли вазиятлардан ҳоли, чиройли ва кескин курашларга бой ўйин кўрамиз.

Эслатма: Ҳакамларга оид статистик маълумотлар www.championat.asia сайтидан олинди.

Комментарии

Популярные сообщения из этого блога

ОЧЛ плей-офф ўйини. Жамоаларимиз тайёрми? "Насаф" ҳақида

ОЧЛ-2018. "Локомотив" бўлажак "жанглар"га тайёрми?