ОЧЛ плей-офф ўйини. Жамоаларимиз тайёрми? "Пахтакор" ҳақида


2018-йилни тарихий ғалаба билан бошладик. Хитойда бўлиб ўтган 23 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионатида қатнашган Р.Ҳайдаров бошчилигидаги жамоамиз қитъа чемпиони унвонини қўлга киритиб ортга қайтди. Дастлабки қадам муваффақиятли ташланди. Энди навбат клубларимизга.
Бугун, Қарши ва Катар пойтахти Доха шаҳарларида "Насаф" ва "Пахтакор" ўз рақиблари "Ал-Файсали" ва "Ал-Гарафа" билан гуруҳ босқичига йўлланма берувчи ягона ўйинда майдонга тушади. Хўш, мазкур муҳим беллашувга жамоаларимиз қанчалар тайёр? Рақиб тўсиғидан ўтиш мумкинми? Қўйидаги мулоҳазаларимиз орқали ана шу саволларга жавоб излашга уриниб кўрамиз. Дастлаб, ягона ўйинни сафарда ўтказадиган пойтахт жамоаси "Пахтакор" клубининг бўлажак баҳсга кўрган тайёргарлиги ҳақида фикр юритамиз.

Тайёргарлик ҳақида. 2017 йилги мавсумнинг сўнгги ўйинини 19-ноябрь куни Қарши шаҳрида "Насаф"га қарши ўтказган "шерлар" расмий ўйинларга якун ясаб таътилга чиққанди. Бир ойдан кўпроқ дам олган пахтакорчилар 23 декабрь куни янги мавсумга тайёргарлик машғулотларини бошлашди ва янги йилга қадар Тошкентда шуғулланишди. Йиғин якунида 28-декабрь куни Тошкентнинг "Оқтепа" жамоасига қарши назорат ўйини ташкил этилди. Ҳар бир таймда бошқа бошқа таркибдан фойдаланган "шерлар" якунда 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Тайёргарликнинг иккинчи қисми 3-21 январь кунлари Туркиянинг Белек шаҳарчасида ташкил этилди ва унинг доирасида 4 та назорат беллашуви ташкил этилди. Дастлаб Туркия 3-дивизиони жамоаси бўлмиш "Тургутлуспор" клубини йирик 3:0 ҳисобида мағлуб этган Ш.Арвеладзе шогирдлари, 12-январь куни Туркия 2-дивизиони вакили "Амедспор"га қарши майдонга тушди ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Эътиборли жиҳати, "Тургутлиспор"га қарши баҳсда иккита пенальтини қайтарган А.Лобанов, бу сафар ҳам рақиб томонидан ижро этилган пенальтини бартараф этди. Туркия йиғини доирасидаги учинчи рақиб Албания юқори лигаси вакили "Партизани" клуби бўлди. 15-январь куни бўлиб ўтган ўйинда катта устунликка эришган "шерлар" якунда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Ва ниҳоят 20 январь куни, Туркия йиғинидаги сўнгги назорат ўйинида Македония чемпиони "Вардар" клуби 2:0 ҳисобида мағлуб этилди.        
Туркия йиғинидан қайтиб келган жамоа 22-январдан бошлаб тайёргарликни Тошкентда давом эттирди. 25-январь куни "Пахтакор" стадионида "Ал-Гарафа" билан ўйин олдидан сўнгги назорат баҳси ташкил этилди. Бу сафар рақиб сифатида Жиззахнинг "Сўғдиёна" жамоаси танланди. Учрашув 4 та бўлим давом этди ва ҳар бир бўлимда футболчилар 30 дақиқадан тўп тепишди. Якуний ҳисоб 7:0, "шерлар" фойдасига. 27-январь куни чартер рейс орқали Катар пойтахти Доха шаҳрига парвоз қилган "шерлар" ўйингача ўша ерда машғулотларни давом эттиради.

Трансфер сиёсати. Жамоага қўшилган футболчилар. Айтиш лозимки, "шерлар" Туркия йиғинига қадар асосий харидларини амалга ошириб бўлди. Жамоа таркибига "Насаф"дан ҳимоячилар Фаррух Сайфиев ва Акмал Шораҳмедов, ярим ҳимоячилар Баҳром Абдураҳимов ва Дилшод Раҳматуллаевлар қўшиб олинди. Шунингдек, 2016 ва 2017 йилги мавсумларда "Нефтчи" таркибида 19 учрашувда майдонга тушган ва 23 ёшгача бўлган терма жамоа ҳимоячиларидан бири саналадиган Ҳусниддин Ғофуров янги мавсумдан "Пахтакор" шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. Таркибга қўшиб олинган футболчилар билан 2 йиллик шартномалар имзоланди. Бундан ташқари, 2017 йилги мавусумни ижара асосида "Локомотив" таркибида ўтказган ва чемпионликка эришган Жалолиддин Машарипов ва Хитойнинг "Пекин Гоан" жамоасида тўп сурган Егорь Кримец ҳам "шерлар" таркибига қайтди. Мазкур қайтишлар ҳам шубҳасиз жамоадаги рақобатни оширади.
Гарчи "Ал-Гарафа" билан ўйинда жамоага ёрдам бера олмасада куни кеча жамоа навбатдаги трансферни амалга ошириб, муаммоли бўлиб турган ҳужум чизиғини кучайтиришга муваффақ бўлди. 26 ёшли португалиялик ҳужумчи Исмоил Гонсалвеш билан икки йиллик шартнома имзоланди. Португалиялик ҳужумчи "Боавишта" клуби тарбияланувчиси саналади. Фаолияти давомида "Ницца" (Франция), "Сент-Миррен" (Шотландия), "АПОЭЛ" (Кипр), "Вериа" (Греция), "Анортосис" (Кипр), "Аль-Иттифоқ" (Саудия Арабистони) ва "Хартс" (Шотландия) клублари сафида ўйнаган. Ушбу жамоалар сафида у фақат юқори дивизионда иштирок этган. 186 учрашувда 54 гол муаллифига айланган. 2013 йил "Сент-Миррен" билан Шотландия Лига Кубогини қўлга киритган футболчи ўша йилнинг ўзидаёқ "АПОЭЛ" билан Кипр Суперкубоги соҳибига айланган.

Жамоани тарк этган футболчилар ҳам яхшигина кучга эга эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Масалан, биринчилардан бўлиб клубни тарк этган Шерзод Каримов тез орада "Пахтакор"нинг асосий рақиби бўлмиш "Локомотив" сафидан жой олди. Шунингдек, эндиликда собиқ пахтакорчига айланган Даврон Ҳошимов, Жавоҳир Соҳибов ва Темур Толиповлар исталган жамоани кучайтира олишига шубҳа қилмайман. 2009 йилдан бери "Пахтакор" шарафини ҳимоя қилиб келган ҳужумчи Игорь Сергеев ҳам клуб билан шартномаси якунига етгани туфайли ўз омадини хорижда синаб кўришга қарор қилди ва фаолиятини БААнинг "Ал-Дафра" клубида давом эттирадиган бўлди. Бундан ташқари, 2017 йил ижара асосида "Андижон"да ўтказган ҳимоячи Ойбек Нурматов билан ҳам ўртадаги ҳамкорлик тўхтатилди. Жамоа спорт директори Ж.Ирисметовнинг сўзларига кўра, жамоанинг исроиллик легионери Гиди Канюк ҳам "Пахтакор"ни тарк этиш арафасида турибди. Унга Исроилнинг етакчи клублари қизиқиш билдирмоқда. Айтиш мумкинки, агар мазкур трансфер амалга ошадиган бўлса, ўзбек футболи тарихида дастлабки легионер футболчи трансферига гувоҳ бўламиз.
Олиб борилган трансфер сиёсатига баҳо берадиган бўлсак, "шерлар"да ҳимоя ва ярим ҳимоя чизиғи анча кучайган. Энг камида ҳар бир чизиқга тенг кучли иккитадан футболчи мавжуд. Биргина ховотирли жиҳати жамоада тузукроқ ҳужумчининг мавжуд эмаслигидир. Дохага олиб кетилган Ж.Ҳакимов ва ўйиндан 2 куни олдин жамоага қўшиладиган З.Ўринбоев топ даражадаги ҳужумчилар сирасига кирмайди. Балки, шу важдандир Ш.Арвеладзе "Ал-Гарафа"га қарши баҳсда ҳужум чизиғида Тиаго Безерра хизматларидан фойдаланмоқчи.

Рақиб ҳақида. "Ал-Гарафа" (2004 йилгача "Ал-Иттиҳод") - Доха шарафини ҳимоя қилади ва 1979 йил ташкил этилган. Қатар юқори дивизиони - Юлдузлар лигаси иштирокчиси. Таркибда юлдуз ўйинчилардан Антонио Хименес (Чили), Владимир Вайсс (Словакия), Уэсли Снейдер (Голландия) ва Меҳди Тареми (Эрон) бор.
Катар юлдузлар лигасида 14-турдан кейин 4 та ғалаба, 5 тадан дуранг ва мағлубият қайд этиб, 17 очко билан олтинчи ўринда бораётган "Ал-Гарафа" пешқадам "Ал-Дуҳайл"дан нақд 19 очко ортда бормоқда. Шу боис, жамоа бор эътиборини ОЧЛ гуруҳ босқичига йўлланма олишга қаратган. Бу борада жамоада бир қанча эътиборга молик трансферлар амалга оширилди.
Дастлаб, шу кунга қадар бош мураббий сифатида ишлаб келган франциялик Жан Фернандес ўрнига туркиялик Булент Уйғун жамоага янги бош мураббий этиб тайинланди. Мураббийлик фаолиятини 2005 йил бошлаган Уйғун бугунга қадар Туркияда "Сивасспор", "Букаспор", "Эскишаҳарспор", "Элазигспор" ва "Газиантепспор" клубларида ишлаган. Аҳамиятлиси, 2013-2016 йилларда у Қатарда "Умм Салал" клубида ишлаган. Шунингдек, жамоа раҳбарлари ОЧЛ баҳсларида муносиб иштирок этиш мақсадида иккита эътиборли трансферни амалга оширди. Дастлаб, голландиялик машҳур футбол юлдузи Уэсли Снейдер жамоа таркибига қўшиб олинган бўлса, бироз ўтиб Эрон терма жамоаси ҳужумчиси Меҳди Тареми билан ҳам шартнома имзоланди.

Ўзаро тўқнашувлар. Шу вақтга қадар ушбу жамоалар жами 5 маротаба ўзаро тўқнаш келишганини гувоҳи бўламиз. Дастлаб бу иккала жамоа 2002 йил ОЧЛ Плей-офф босқичида, кейинроқ 2008 йили ОЧЛ гуруҳ босқичида бирга тушишган. 2002 йил Қатарда ўтган ўйинда мезбонлар 4:3 ҳисобида зафар қучишган. Тошкентда эса "Пахтакор" йирик ҳисобда ғолиб бўлган - 3:0.
2008 йил Доҳадаги баҳс голларга бой кечган ва якунда жамоалар муроса кўчасини танлашган - 2:2. Тошкентда бўлиб ўтган ўйинда эса "Пахтакор" "Ал Гарафа"га ҳеч қандай имконият қолдирмаган - 2:0.
Шунингдек, бу икки таниш рақиблар 2010 йилги ОЧЛнинг 1/16 финал босқичида ўзаро рўбаро келишган. Ўшанда бир ўйинлик плей-офф беллашувида "Ал Гарафа" футболчисининг биргина голи нимчорак финал масаласини ҳал этган.
Шу тариқа ҳозиргача ўтказилган 5та ўйинда кучлар тенг. Ҳар иккала жамоа иккитадан ғалаба қозонган ва бир учрашувда ғолиб номи аниқланмаган. Голлар уриш бўйича устунлик биз томонда, 10-7.
Бундан ташқари, "Пахтакор" шу кунгача Қатар клубларига қарши жами 13 учрашува майдонга тушган. Уларда 5 ғалаба, 4 дуранг ва 4 мағлубият қайд этилган. Рақиблар дарвозасига 20 тўп киритилиб, 16 гол ўтказиб юборилган.
"Ал-Гарафа" "Пахтакор" билан ўйиндан олдин 25-январь куни чемпионат доирасида "Ал-Садд" жамоасини қабул қилди ва йирик 0:4 ҳисобида мағлубиятга учради. Биз учун яна бир қувонарли хабар сифатида жамоа етакчиларидан бири бўлган ярим ҳимоячиси словакиялик Владимир Вайсснинг "Пахтакор"га қарши майдонга туша олмаслигидир. Вайсс Дохадаги "Аспетар" тиббий марказида тиззасидан операция қилинган ва мавсум охиригача сафдан чиққан. 

Ҳакамлар. 30 январь куни Дохадаги "Тани Бин Жассим" стадионида ўтадиган ва Тошкент вақти билан 22:00да бошланадиган (маҳаллий вақтда 20:00) беллашувда ироқлик ҳакамлар гуруҳи ишлайди. Моҳаннад Қосим Иси Саррай ўйинда бош ҳакам сифатида ишлайдиган бўлди. Унга қанотларда ҳамюртлари Моаяд Муҳаммад Али ва Вазиқ Обайд Свайди ёрдам беради. Ўйинда комиссар сифатида сингапурлик Сивакумар тайинланган.
Эътиборга молик жиҳати "Пахтакор" иштирокидаги ўйинларда Саррай ҳозирча ҳакамлик қилмаган. Клубларимиз ва терма жамоаларимиз ушбу рефери бошқарган учрашувларда мағлубиятга учрамаган.

Қайси гуруҳдан жой олиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, "Ал-Гарафа"-"Пахтакор" қарама-қаршилиги ғолиби ОЧЛнинг "A" гуруҳидан ўрин олади. Ушбу гуруҳда "Ал Жазира" (БАА), "Ал Аҳли" (Саудия Арабистони) ва "Тракторсози" (Эрон) каби клублар жой олган.

Гарчи, "Ал-Гарафа" ўз сафига Тареми ва Снейдер каби кучли футболчиларни қўшиб олган бўлсада, жамоа ҳимоя чизиғида бўшлиқлар мавжуд. Тўғри танланган тактика ёрдамида ўша Снейдерни ҳам, ўша Теремини ҳам зарарлантириш мумкин. 
Умид қиламиз, "Пахтакор" клуби ўз мухлисларини хурсанд қилган ҳолда Катардан ғалаба билан қайтиб, юртимизда давом этаётган футбол байрамига ўзига хос ҳисса қўшади.  

Комментарии

Популярные сообщения из этого блога

"СУПЕРЛИГА". 21-тур. "Қўқон-1912"–"Пахтакор". Фақат ҳакамлар ҳақида

ОЧЛ плей-офф ўйини. Жамоаларимиз тайёрми? "Насаф" ҳақида

ОЧЛ-2018. "Локомотив" бўлажак "жанглар"га тайёрми?