ОЧЛ-2018. "Локомотив" бўлажак "жанглар"га тайёрми?

2018 йил футболимиз учун муваффақиятли бошланди. Дастлаб Хитой майдонларида "U-23" терма жамоамиз тарихий ғалабани қўлга киритган бўлса, кейин Қаршининг "Насаф" клуби ОЧЛ гуруҳ босқичига йўлланмага эга чиқди. Тўғри, Тошкентнинг "Пахтакор" клуби ҳам гуруҳ босқичига йўл олганда бахтимиз тўкис бўлар эди, лекин начора, Ш.Арвеладзе шогирдлари ўз хатолари эвазига Снейдер ва Таремиси бўлган "Ал-Гарафа" тўсиғидан ўта олмади. Навбат мамлакатнинг амалдаги чемпиони ва кубок соҳиби "Локомотив"га. М.Йеличич шогирдлари учун маъсулиятли палла бошланмоқда. Хўш, "темирйўлчилар" бўлажак баҳсларга, умуман бошланажак янги мавсумга қандай ҳозирлик кўришди? Жамоа таркибига кимлар келдию, кимлар тарк этди? Жамоа олдига қўйилган вазифалар нималардан иборат? Келинг, қўйида шу ва бошқа саволларга жавоб топишга уриниб кўрамиз.
Тайёргарлик ҳақида. 2017 йилги мавсумни ҳаммадан кейин якунлаган "темирйўлчилар" сўнгги ўйинини 4-декабрь куни мамлакат кубоги финалида Тошкентнинг бошқа бир жамоаси "Бунёдкор" билан майдонга тушиб 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган ҳолда, "олтин дубль" соҳиби сифатида таътилга йўл олган эди.  
24-декабрь кунига қадар дам олган Мирко Йеличич шогирдлари шу куниёқ янги мавсумга тайёргарлик машғулотларини бошлашди ва 9-январга қадар Тошкентда шуғулланишди. Дастлабки йиғинни жамоа аъзолари А.Микляев бошчилигида олиб борди. 6-январь куни жамоа аъзолари ПФЛ томонидан ташкил этилган тест-синовларидан ўтишди. Биринчи йиғин давомида ўртоқлик учрашувлари ўтказилмади. Тошкентдаги йиғинда мураббийлар штабининг асосий эътибори футболчиларнинг жисмоний ҳолатини тиклашга қаратилди.
Тайёргарликнинг иккинчи қисми 9-23 январь кунлари БААнинг Дубай шаҳрида ташкил этилди ва унинг доирасида 4та назорат беллашуви ташкил этилди. Дастлаб, 14 январь куни Шотландиянинг энг номдор жамоаларидан бири, Шотланд Примиершипининг ўтган мавсумида кумуш медалларига эга чиққан "Абердин" клубини 2:0 (гол муаллифлари И.Тўхтаҳўжаев ва Ш.Каримов) ҳисобида мағлуб этган М.Йеличич шогирдлари, 19 январда Россия Премьер лигаси вакили "Рубин" клубига қарши майдонга тушди ва 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Дубай йиғини доирасидаги учинчи рақиб Россиянинг яна бир кучли жамоаси "Краснодар" клуби бўлди. 22-январь куни бўлиб ўтган ўйинда 2:1 ҳисобида "рус буқалари"нинг қўли баланд келди "Локомотив" томонидан киритилган жавоб тўпи муаллифи жамоанинг янги аъзоси Шерзод Каримов ҳисобига ёзилди.       
БАА йиғинидан қайтиб келган жамоа 26-январь ва 5-февраль оралиғида Турикиянинг Белек шаҳриди жамоанинг учинчи йиғинини олиб борди. Мазкур йиғин доирасида ҳам бир нечта назорат учрашувлари ташкил этилди. Дастлаб, 29-январь куни Болгариянинг чемпионатида 7-ўринда бораётган "Черно море" клубига қарши майдонга тушган "темирйўлчилар" 0:0 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. Туркиядаги иккинчи рақиб сифатида Арманистоннинг сўнгги икки йилдаги чемпиони "Алашкерт" танланди ва қизиқарли кечган баҳсда 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилди. "Темирйўлчилар"нинг бу сафарги голига И.Алибоев муаллифлик қилди. Ва ниҳоят 4-февраль куни жамоа Туркия йиғинидаги сўнгги ўртоқлик учрашувида Украинанинг "Олександрия" жамоасига қарши майдонга тушиб 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Мазкур баҳсда С.Шоаҳмедов дубль қайд этган бўлса, жамоанинг янги аъзоси И.Йелич ҳисобига битта гол ёзилди.
5-февралда Тошкентга қайтиб келган жамоа вакиллари икки кунлик таътилдан сўнг, яъни 7-февралдан бошлаб мавсумнинг дастлабки расмий беллашувига қизғин ҳозирликни бошлаб юборди. Хабарингиз бор, "темирйўлчилар" ОЧЛ-2018 доирасидаги дастлабки ўйинни 12-февраль куни Тошкентда БААнинг "Ал-Ваҳда" жамоасини қабул қилади.
Трансфер сиёсати. Жамоага қўшилган футболчилар. Айтиш лозимки, "темирйўлчилар" янги мавсумга ҳозирлик кўриш мобайнида мавжуд таркиб асосини сақлаб қолиш билан бирга, бошланажак мавсумда ўзи иштирок этадиган турнирларнинг барчасида ғолиб бўлиш мақсадида, ўз таркибини янада кучайтириш борасида иш олиб борди. Дастлаб, "Олмалиқ"да муваффақиятли мавсумни ўтказган сербиялик ярим ҳимоячи Игорь Йелич ва "Пахтакор"га керак бўлмай қолган иқтидорли ярим ҳимоячи Шерзод Каримовлар билан шартнома имзолаган "Локо", кейинчалик, сўнгги йилларда Сербия чемпионатида фаолият олиб борган ҳамюртимиз ҳужумкор ярим ҳимоячи Ҳусниддин Ғофуровни юртимизга қайтариб, у билан икки йиллик шартномага имзо чекди. ОЧЛ учун белгиланган "3+1" лимитидан тўлиқ фойдаланишни мақсад қилган "Локо" навбати билан Жанубий кореялик ҳужумчи Чо Сук Жаэ ва бразилиялик ҳужумчи Нивалдо Родригеч Феррейра билан шартнома имзолади. Янги "термирйўлчи"га айланган Чо Сук Жаэ бунгача "Чонбук Моторс", "Чоннам Драгонс" ҳамда "Анянг" клублари шарафини ҳам ҳимоя қилган. Бразилиялик Нивалдо эса шу пайтгача Бразилиянинг "Бараунас", Қозоғистоннинг "Атирау", Россиянинг "Сибирь", "Луч Энергия" ва Белоруссиянинг “Гомель” ҳамда "Динамо Брест" жамоалари сафида фаолият олиб борган. ОЧЛ баҳсларига озгина вақт қолганда жамоа вакиллари трансфер ойнасидаги энг шов-шувли трансферни амалга оширди. "Ал-Жазира"да ишлари юришмаган ва Франциянинг "Ренн" клубига ўтиши кутилаётган ҳамюртимиз Сардор Рашидов жамоа билан бир йиллик шартномага имзо чекди.
 Жамоани тарк этган футболчилар ҳақида гапирадиган бўлсак, дастлаб жамоа лагерини клуб билан шартномаси якунига етган Бобир Давлатов, Муҳаммад Коне ва Олабиранг Блессинг Муйивалар тарк этганини таъкидлаш лозим. Кейинги кетиш Шерзод Файзиев чекига тушди. Айтиш керакки, Муҳаммад Конени ҳисобга олмаса жамоани тарк этган футболчилар "темирйўлчилар" учун катта йўқотиш ҳисобланмайди. Устига устак, ўша Коне ўрни муносиб тўлдирилди.  
 Рақиб ҳақида. "Локомотив"нинг гуруҳ босқичидаги дастлабки рақиби БААнинг "Ал-Ваҳда" клуби - Абу Даби шарафини ҳимоя қилади ва 1974 йил ташкил этилган. БАА юқори лигаси иштирокчиси. Таркибда юлдуз ўйинчилардан Мурод Батна (Марокаш), Балаж Джуджак (Венгрия), Лим Чанг Ву (Ж.Корея) ва Себастьян Таглиабуэ (Аргентина) бор. Шунингдек, маҳаллий Исмоил Матарни ҳам алдоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин.
БАА чемпионатида 16-турдан кейин 11 та ғалаба, 3 та дуранг ва 2 та мағлубият қайд этиб, 36 очко билан иккинчи ўринда бораётган "Ал-Ваҳда" пешқадам "Ал-Айн"дан бор йўғи 2 очко ортда бормоқда. Рақиблар дарвозасига 37 та тўп киритган Абу Дабиликлар ўз дарвозасидан 16 та гол ўтказиб юборган. Жамоанинг 16 та ўйинда 16 та гол ўтказгани ҳам унинг ҳимояси қандай кучга эга эканлигини кўрсатиб турибди. Айтиш керакки, жамоанинг тўп ўтказиб юбориш бўйича кўрсатаётган натижаси мусобақа пешқадами "Ал-Айн" билан бир хил. Жамоа тўпурари аргентиналик ҳужумчи Себастьян Таглиабуэ ҳисобланади. Унинг ҳисобида ҳозирча 14 та гол мавжуд ва чемпионат тўпурарлари пойгасида иккинчи ўринда бормоқда. Жамоадаги иккинчи тўпурар мақоми марокашлик Мурод Батнага тегишли бўлиб, унинг ҳисобида 7 та гол мавжуд. Яна бир машҳур ўйинчи Балаж Джуджак ҳисобида эса 4 та гол бор. Жамоанинг 25 та голига муаллифлик қилган бу "трио" "Локо" ҳимоячиларига яхшигина бош оғриғи бўлиши аниқ.
Яна бир эътиборга молик натижа сифатида, жамоанинг яқиндагина БАА суперкубогини қўлга киритганини қайд этиш мумкин. БАА Про Лигаси ғолиби ҳамда БАА Президенти кубоги соҳиби ўртасида кечган қизиқарли беллашувда амалдаги кубок эгаси ғалаба қозонди. "Ал Ваҳда"га ғалаба тақдим этган голларга Мурод Батна ва Балаш Жужак муаллифлик қилишди. Ўйин 2:0 ҳисобида "Ваҳда" фойдасига ҳал бўлди ва ушбу клуб ўз тарихида 3-марта БАА Суперкубоги эгасига айланди.
Маълумот учун айтиш лозимки, жамоа ОЧЛ-2017 да гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаб (1 та ғалаба, 1 та дуранг ва 4 та мағлубият) мусобақани тарк этган. Эътиборлиси, шу вақтга қадар "Локомотив" ва "Ал-Ваҳда" жамоалари ОЧЛ доирасида биринчи марта ўзаро тўқнаш келади.
"Ал-Ваҳда" Тошкентга келишдан олдин 8-февраль куни чемпионат доирасида жадвалнинг тўққизинчи поғонасида бораётган "Ал-Хатта" жамоаси меҳмони бўлиб 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ягона гол пенальтидан урилиб, у жамоа тўпурари аргентиналик Себастьян Таглиабуэ ҳисобига ёзилди.
Ҳакамлар. 12 февраль куни Тошкентдаги "Локомотив" стадионида ўтадиган ва 16:00да бошланадиган беллашувда япониялик ҳакамлар гуруҳи ишлайди. Бош ҳакам - Тожо Минору. Унга қанотларда ҳамюртлари - Очи Шинжи ҳамда Такаги Такуми ёрдам беради. Тўртинчи ҳакам вазифасини эса туркманистонлик Чоримурот Қурбонов бажаради. Ҳакамлар назоратчиси - эронлик Энаят Масуд. Ўйинга комиссар сифатида Гонгконглик Чан Ка Чунг тайинланди.

Умид қиламиз, бу йил ОЧЛда ҳам ғолибликка ҳаракат қилаётган "Локомотив" вакиллари дастлабки ўйинда ғалаба қозониб, мусобақани юқори кайфиятда бошлайди. Барча футбол мухлисларини мазкур учрашувга таклиф этиб қоламиз.

Комментарии

Популярные сообщения из этого блога

"СУПЕРЛИГА". 21-тур. "Қўқон-1912"–"Пахтакор". Фақат ҳакамлар ҳақида

ОЧЛ плей-офф ўйини. Жамоаларимиз тайёрми? "Насаф" ҳақида