Олий ва биринчи лига форматлари ҳақида

ЎФФ да раҳбарият ўзгаргач, футболимиз ривожланиш сари дадил қадам ташламоқда. Деярли ҳар ҳафта қанақадир янги қарор ёки ўзгаришларга гувоҳ бўлаяпмиз. Бу табиий жараён. ЎФФ М.Усмонов бошчилигида асосий эътиборни футболимиз моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратган бўлса, У.Аҳмаджонов раҳбар бўлгач, бошқа жиҳатлар бўйича ҳам замон билан ҳамнафас бўлишга, янгиликлардан ортда қолиб кетмасликка ҳаракат қилмоқда. Аста-секинлик билан бўлсада ҳакамлик, болалар ва ўсмирлар футболи ҳақида жиддийроқ қайғура бошланди ва аминманки, бу ислоҳотлар ўз мевасини узоқ куттирмайди. 

Бугунги куннинг асосий мавзусига айланиб қолган чемпионатимиз формати ҳақида жуда кўп гапирилди. Спортга ихтисослашган газета, журнал, интернет сайтлари, телекўрсатувлар ва радио эшиттиришларнинг асосий мавзуси ҳам айнан Олий лига ва Ўзбекистон биринчилиги форматига киритилган ўзгариш ҳақида бўлмоқда. Кимдир қабул қилинган қарор ўз вақтида амалга оширилмади деяётган бўлса, бошқаси бунинг аксини тасдиқлашга уринаяпти.

Аввало шуни айтишим лозимки, кейинги йилдан Олий лигамизда иштирок этаётган жамоаларнинг сони 12 тагача қисқартирилиши ҳақидаги қарорни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Ягона қўшилмаган жойим, янги форматда чемпионат ўйинлари 3 даврали тизимда ўтказилишидир. Фикримча, 12 та жамоа иштирок этаётган чемпионат учун энг идеал вариант тўрт даврали тизим ҳисобланади. Яъни, дастлаб барча жамоалар 2 даврали тизимда 22 та ўзаро ўйин ўтказади. 3-4-даврада эса юқори олтиликдан ўрин олган жамоалар чемпионлик учун, пастки олтилик эса олий лигада қолиш учун кураш олиб боради. Шунда, жамоалар иштирок этган умумий ўйинлар сони 32 тани ташкил этар эди. 4 даврали тизимда ПФЛ таклиф этаётган вариантдан битта кам ўйин ўтказилсада, ортиқча саволларга ҳожат қолмас эди. ЎФФ ёки ПФЛни қайсидир жамоага адолатсизлик қилганлигию, бошқа бир жамоанинг "қулоғидан тортаётганлиги" каби ёқимсиз мулоҳазаларга ўрин қолмас эди. ПФЛ таклиф этган 3 даврали тизимнинг 3-давраси учун ташланадиган қуръадан кейин эса юқорида қайд этилган ҳолатларга албатта дуч келамиз. Балки, бу борада яна бир бор ўйлаб кўрилар? 
Тўғри, янги қабул қилинган қарорнинг жорий чемпионатимиз якунланишига тўрт тур қолгандагина эълон қилинганлиги жамоаларимизга ноқулайлик туғдирди. Соҳа мутахассислари таъкидлаётганларидек, спорт ва адолат принциплари бузилди. Амалдаги регламентга эътибор қилинмаганлиги ва айрим жамоаларга нисбатан (асосан турнир жадвалида пастки ўринларда жойлашган жамоалар) шавқатсиз муносабатда бўлинганлиги ҳақидаги фикрлар ҳам йўқ эмас. Шундай бўлсада, қабул қилинган қарорнинг меъёрий ҳужжатларга зид дейишимизга ҳаққимиз йўқ. Куни кеча "ЎзРепорт" каналида ПФЛ бош директори О.Ғофуровнинг интервьюсини кўрдим. Унда айтилишича, УФФ ва ПФЛ янги қарорни қабул қилишда амалдаги меъёрий ҳужжатларга асосланган. Яъни, қарор ЎФФ уставининг 35-моддаси "И" (ЎФФ мусобақаларини ўтказиш жойи, санаси ва иштирокчи командалар сонини белгилайди) ва "Л" (ЎФФ ишки ташкилий тузилмаси регламентларини тасдиқлайди) бандларига мувофиқ қабул қилинган. Демак, қонунийлик борасида муаммо йўқ.

"Уруш қурбонларсиз бўлмайди" деган ажойиб нақл бор. Мажозий маънода айтганда, бугун ЎФФ футболимиздаги хато ва камчиликларга нисбатан ўзига хос уруш эълон қилди. Ҳеч қандай талофатларсиз якунига етган урушни эса тарих кўрмаган. Шундай экан, футболимиз равнақи йўлида, 1-2 та жамоани ҳоҳиш ва истакларига қарши борсак арзийди манимча. ЎФФ футболимизда кескин бурулиш ясашга бел боғлаганлиги кўриниб турибди. Футболимиз бош ташкилотида бундан буён, юз-хотир, "ўзбекчилик" деган нарсалар туфайли жамоалар қилаётган хатоларни кечириш, талаб этилаётган ишларни ўз вақтида бажарилмаганлигига шунчаки бефарқ қараш истаги йўқ. Хато қилдингми, марҳамат, жазоингни ол, белгиланган тартибни буздингми, унинг оқибатларига ҳам тайёр тур. ЎФФнинг ана шундай қатъий принципга ўтаётганлиги кишини хурсанд қилаяпти. Шундай экан, айрим жамоаларнинг ҳақли (спорт принциплари бўйича) эътирози деб, қабул қилинган қарорни яна бир йилга чўзишдан маъно кўрмаяпман. Ўйлашимча, ЎФФ йил бошида янги формат ҳақида эълон қилганда ҳам жуда катта ўзгаришлар содир бўлмас эди. Шунчаки, вақтдан ютқазганимиз қолар эди.
Қарордан норози бўлиб, аюҳаннос солаётган клуб мутасаддиларига ҳам тушунмайман. Ўша "Сўғдиёна", "Нефтчи", "Шўртан" ёки "Динамо" жамоаларига кимдир, бўлди, сизлар кейинги мавсум олий лигада аниқ иштирок этмайсизлар деб қатъий айтдими? Тўғри, қарорда 12-16 ўринлардаги жамоалар пастки лигага туширилади дейилган, лекин, яна бир масала бор. Олий лига ўн иккилигини аниқлашда нафақат жамоаларнинг эгаллаган ўрни, балки, уларнинг ОФК лецензиялаш талабларига қанчалар мос келиш-келмаслиги ҳам инобатга олинади. Мутахассисларнинг фикрича, ҳаттоки ОЧЛ мусобақаларида иштирок этишни мўлжаллаётган клубларда ҳам лицензиялаш талабларини бажариш борасида ўзига хос камчиликлар мавжуд. Шундай экан, ОАВга чиқиб олиб ҳадеб эътироз билдиравермасдан, мавсумни имкон қадар ижобий якунлаб, ОФК талабларини бажаришга жиддий эътибор қаратиш керак деб ўйлайман. Бунинг учун эса жамоаларимизда ҳалиям вақт ва имконият мавжуд. Билишимча, ЎФФ лицензиялаш талабларини бажариш учун кейинги йилнинг 1 февралига қадар имконият берган. Марҳамат талабларни бажаринг ва якуний қарорни кутинг.

Ўзбекистон биринчилигидаги (1-лига) бугунги ҳолат шу қадар аянчлики, мухлисларимиз ўз суюклиларини унда иштирок этишини ўзларига раво кўришмайди. Балки, шунинг учун ҳам, айрим жамоа мухлисларига 1-лигада иштирок этиш оғир ботаётгандир. Лекин, бундан буён ўша 1-лигада ҳам ижобий ўзгаришлар амалга оширилади. ПФЛ бош директори О.Ғофуров таъкидлаганидек, "ЎФФ ва ПФЛнинг мақсади фақат олий лига эмас, биринчи лигани ҳам ривожлантириш" ҳисобланади. 
Бу борада ҳам дастлабки қадамлар ташланди. Яқинда эълон қилинган янги қарорга кўра, келаси мавсумдан бошлаб 1-лигада 16 та жамоа иштирок этади. Аҳамиятли томони, мусобақада ҳар бир ҳудуддан биттадан жамоа бўлиши шарт қилиб белгиланган. Бу билан республикамизнинг барча ҳудудларида катта футбол ҳавоси эсиб туриши таъминланган. Бундай ташқари, қарорга кўра, 1-лига иштирокчиларига ёш чегараси ўрнатилди. Унга кўра, янги мавсумдан бошлаб, 1-лигада 25 ёшгача бўлган футболчилар иштирок этади. Бу қарор орқали ёш ўйинчиларни заҳирада қолиб кетиш хавфи камайтирилганлигига урғу берилган.   
Шу ўринда битта эътироз. Фикримча, 1-лига иштирокчиларига ёш чегарасини қатъий қилиб белгилаш бироз нотўғри. Ёш истеъдодларни заҳирада қолиб кетишини олдини олиш учун бундан юмшоқроқ талаблардан фойдаланса ҳам бўлар эди. Масалан, майдонда ҳаракат қилаётган ўйинчилар орасида камида 5 ёки 6 нафар 25 ёшга тўлмаган ўйинчилар бўлишини шарт қилиб қўйиш мумкин. Лекин, 1-лигада ёппасига 25 ёшдан кичик бўлганлар ўйнасин дейиш, 25 ва ундан катта ёшдаги футболчилар имкониятини чеклаб қўйилишига олиб келади. Ахир шу ёшдаги футболчиларнинг ҳаммаси ҳам Олий лигани 12 та жамоасидан ўрин эгаллай олмайдику. Қолганлари қаерга борсин? Уларга нисбатан адолатсизлик қилинмаяптими? Ўйлайманки, ЎФФ янги мавсум бошлангунга қадар бу борада ҳам ўйлаб кўради. 
Ҳозирча шу, воқеалар ривожини кузатамиз!  
















Комментарии

  1. Макола менга жуда ёқди. Ҳақиқатдан ҳам профессионаллик сари катта қадам ташлаш шарт эди. Мен ҳам сиз айтган тўрт давлати тизимни кутгандим.Агар ОАВ босим ўтказса балки тўрт давралига ҳам ўтилар вақт борку. Сиздан илтимос ўзбек футболи тарғиботи, трансляциялар ҳақида ҳам ёзинг.Масалан бугун Жамшид зўр финт кўрсатди, лекин тв қайтариб кўрсатмади. Эьтибор йўқ. Бизнинг футболимизга ҳам автаркик дунёқараш керак деб ўйлайман. Биз бошқаларни ортиқча тарғиб қилиб ўз футбол хўжалигимизга кўпинча зарар етказаяпмиз

    ОтветитьУдалить
  2. Бугун чойхонада Совет даврида бўлган воқеани айтиб беришди Сизларга ҳам илиндим: Бир раҳбар ўринбосаридан футбол мавсуми бошланишидан аввал клуб билан учрашиб, янги вазифаларни белгилаб беришни илтимос қилишибди. Унинг ишлари кўплиги учун йиғилишга етарлича тайёргарлик кўра олмаган ва йиғилишни танқид билан бошлашни зарур деб ҳисоблаган.
    - Нима учун яхши ўйнамаяпсизлар, Биз комунизм қураётган пайтимизда сенларнинг ўйинларинни қара, Сизларда маъсулият борми.
    У Ўйинилардан бирига қараб савол берибди.
    - Сен нима иш қиласан?
    - Ҳимоячиман
    - Нима??? ҳимоячи. Солдатмисан ҳимоячиман дейсан. Ҳимоячи армияда бўлади. Жинни Нима иш қилишингни билмайсан. Хўш, сен кимсан, нима иш қиласан
    - Ярим ҳимоячиман
    - Айтдима буларда нимага натижа йўқ деб (ҳали мавсум бошланмаган жадвалда очко йўқ) . Ҳамманг ярим куч ь билан ўйнвйсанлар, ярим ҳимоячимиш, Чаламисан. Бутун бўлиб ўйнасанг бўлмайдими. Виждонсизлар. Яна уялмасдан яримман дейдия. Аҳмоқ. Сен кимсан
    -Капитанман.
    - Сендан бошқа капитан борми. Битта сенмисан. Қачон майор бўласан. қолганларчи лейтинантмисанлар. Хуллас яхши ўйнасанглар ҳаммангга капитан олиб бераман
    Қисқаси зўр йиғилиш бўлган экан. Аслида рус тилида бўлган.

    ОтветитьУдалить

Отправить комментарий

Популярные сообщения из этого блога

"СУПЕРЛИГА". 21-тур. "Қўқон-1912"–"Пахтакор". Фақат ҳакамлар ҳақида

ОЧЛ плей-офф ўйини. Жамоаларимиз тайёрми? "Насаф" ҳақида

ОЧЛ-2018. "Локомотив" бўлажак "жанглар"га тайёрми?