"Йил ўйини" атрофидаги мулоҳазалар

Кеча Қаршидаги "Марказий" ўйингоҳда мамлакатимиз мухлислари орзиқиб кутган "Насаф"-"Пахтакор" қарама-қаршилиги бўлиб ўтди. "Спорт" канали орқали тўғридан-тўғри намойиш этилган баҳсни футболга бефарқ бўлмаган барча инсон томоша қилганига шубҳам йўқ. Учрашувда "Насаф" жамоаси йирик ҳисобда ғалаба қозониб, ўз тарихида иккинчи бор кумуш медаль соҳибига айланиш билан бирга, келаси мавсум Осиё ареналарида тўп суриш ҳуқуқини берувчи йўлланмалардан бирига эга чиқди. "Аждарлар"дан фарқли равишда "Пахтакор"нинг ОЧЛ да иштирок этиш этмаслик масаласи 4-декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон кубоги финали баҳсидан кейингина ҳал бўлиши ойдинлашди. Фурсатдан фойдаланиб мазкур баҳс атрофидаги воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатимни билдириб ўтмоқчиман. 
   
Ўйиндан олдин

Мазкур беллашувнинг аҳамияти ўта юқорилиги сабаб, деярли барча ижтимой тармоқларда, футболга ихтисослашган сайт ва газеталарда бўлажак баҳс қизғин муҳокама қилинди. Шубҳасиз, муҳокамаларнинг бош мавзуси ўйинга тайёрланган ҳакамлар бригадаси билан боғлиқ бўлди. Жуда кўп мухлислар "йил жанги"га нима сабабдан минтақамизнинг энг тажрибали ҳаками Р.Эрматов эмас, балки номи чиқмаган навоийлик З.Қодиров тайинланганига шубҳа билан қарашди. "Пахтакор"нинг олдинга баҳсларда ҳакамлар билан боғлиқ можароли воқеалар марказида қолиб кетганлиги айниқса воҳалик мухлислар кўнглига ғулғула солиб қўйганди. Бунга қадар З.Қодиров тажрибали ҳакам, унга шубҳа билан қарамаслик лозимлиги ҳақида айтиб ўтгандим. Олдинга ўтиб шуни айтиб ўтишим лозимки, З.Қодиров бригадаси учрашувни қўпол хатоларсиз ва энг муҳими ўйин тизгинини қўлдан чиқармаган ҳолда бошқариб борди.
Ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлар, "Пахтакор" ва ҳакамлик ҳақидаги кескин мулоҳазалар кўпайгандан кўпайди. Мухлислар орасида Рўзиқул Бердиевни "Насаф"дан ажратиш учун МТЖ билан чалғитиб қўйишди деган айбловлар ҳам учради. Комментлар, мухлислар фикрларидан шундай хулосага келдимки, шу куни "Пахтакор"нинг исталган ҳисобдаги ғалабаси қораланар эди. Уларнинг фикрича, фақат "Насаф"нинг ғалабасигина ўйинни тоза, ҳалол ва хатоларсиз ўтганлигини исботлаб берар эди. Агар дуранг ёки "Пахтакор"нинг ғалабаси қайд этилса УФФ ва ҳакамлар бош айбдорга айланишарди. Қандайдир мантиқсизлик тўғрими?

Ўйин

Ўйин ҳақида фикр билдирадиган бўлсам, шуни айтишим лозимки, "Насаф" ақлли ўйин эвазига рақибини доғда қолдирди. Тўп билан муомила қилишни "Пахтакор"га бериб қўйиб, асосан қарши ҳужум тактикасига таянган "аждарлар" якунда "шерлар" томонидан йўл қўйилган қўпол хатоларни муносиб жазолаш эвазига йирик ҳисобда ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Аслида 1-бўлим тенг курашлар остида ўтаётган эди. Лекин, тайм якунига етай деб турган бир пайтда "Пахтакор" аъзоси Ж.Искандаров ўз жарима майдончаси яқинида ортиқча алдамчи ҳаракатларга берилиб кетиши натижасида тўпни Б.Абдураҳмоновга олдириб қўйди. Шу заҳоти бошланган ҳужумни "Насаф"нинг умидли ҳужумчиси Б.Абдуҳолиқов гол билан якунлади. Иккинчи голда эса "Пахтакор"нинг ёш ҳимоячиси "издан чиқди". Жарима майдонига узатилган тўпни қайтаришда кутилмаганда қўли билан ҳаракат қилган Ҳ.Алижонов пенальтига сабабчи бўлди. Бундай пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлигини биладиган Драган Черан ҳисобни 2:0 га етказиб қўйди. Учинчи голни тўлиқлигича А.Лобанов гарданига юклаймиз. Жамоадоши томонидан орқага ошириб берилган тўпни тепиб юбормасдан "Насаф" вакилини алдамоқчи бўлган дарвозабон рақибига ютқазиб қўйди. Бу вазиятда охиригача ҳаракат қилган Б.Абдураҳмонов ҳисобни йирик кўринишга келтириб қўйди. Айтиш керакки, шунда ҳам "шерлар" олдинга интилишда давом этишди. Ҳужумга берилиб кетган Ш.Арвеладзе шогирдлари тезкор қарши ҳужумни ўтқазиб юборишди. Тезлик билан ривожлантирилган ҳужумни яна ўша Д.Черан гол билан якунлаб учрашувда ўз дублини расмийлаштирди.  
Фикримча, мазкур ўйинда Ш.Арвеладзе таркиб танлашда хатога йўл қўйди. Хусусан, иккинчи голга сабабчи бўлган ҳимоячи Алижонов бу каби "катта" ўйинларга тайёр эмаслиги кўриниб қолди. Шундай бўлсада у ўйин якунига қадар алмаштирилмади. Унинг ўрнига бу каби беллашувларда қандай ҳаракат қилиш кераклигини сув қилиб ичиб юборган Д.Ҳошимов хизматидан фойдаланилса яхши бўлар эди. Бундан ташқари, марказдаги Гриффитс ҳаракатлари ҳам ўша куни ўхшамади. Аминманки, Гриффитс ўрнида А.Исматуллаев ёки А.Аҳмедов ишончлироқ ўйнаган бўлар эди.
"Насаф" эса бир неча йиллардан бери битта таркибда ҳаракат қилиб келаётганлиги, умидли ёшлар ва тажрибали футболчилар имкониятларидан максимал даражада фойдалана олаётганлиги эвазига ғалабага эришди. Ижтимоий тармоқларда кечаги ўйин ҳақида турли хил фикрлар билдирилди. Аксарият мухлислар "Насаф" ғалабасига "Пахтакор"нинг хатолари сабаб бўлди деган фикрни илгари суришди. Тўғри, "Пахтакор" кутилмаган хатоларга йўл қўйди. Лекин "Насаф" ҳам ўша хатоларни ўз вақтида муносиб жазолай олди. Буни матбуот анжуманида Р.Бердиев ҳам айтиб ўтди. Ахир ўша тўртта гол автогол бўлмадику. Қолаверса, кимдир хато қилмаса ғалаба қозонишнинг иложи йўқ. Қолаверса, Ш.Арвеладзе ҳам ўйиндан кейин фикр билдирганда асосий эътиборини ўз футболчиларини руҳан тайёр бўлмаганликларига қаратди. Демак ҳаммаси оддий. "Пахтакор" хато қилди, "Насаф" уни кечириб ўтирмади. Бу борада ортиқча баҳслашишга ҳожат йўқ менимча. Тарихда натижа қолади, унга олиб келадиган сабаблар эмас.

Навбатдаги қадам 

"Насаф"

Ўта муҳим баҳсда ғалаба қозонган "Насаф" вакиллари янги йилдан ОЧЛ саралаш баҳсларида иштирокини бошлайди. Унда муносиб қатнашиш учун эса Р.Бердиев айтганидек, нафақат таркибни сақлаб қолиш, балки уни янада кучайтириш устида иш олиб бориш лозим. Олдинги мавсумларда ОЧЛ гуруҳ баҳсларида ҳаминқадар иштирок этган "Насаф" етарлича тажриба тўплаб бўлди. Эндиги мақсад натижаларни яхшилаш бўлиши лозим. Сўнгги маълумотларга қараганда "Насаф"нинг бир нечта вакилларига нисбатан "ов" бошланган. Шундай экан, қаршиликлар олдида ўта қийин вазифа турибди. Ўйлайманки, Р.Бердиев вакиллари бўлажак баҳсларга муносиб ҳозирлик кўриб, ҳалқаро майдонда юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилади.

"Пахтакор"

Битта нарсани аниқ биламан. 1-давра ўрталарида кимдир бу йил якунда "Пахтакор" учинчи ўринни қўлга киритади деса, устидан кулиб ташлаган бўлардик. Ўша пайтда клуб бошидан оғир дамларни ўтказаётган эди. Ҳатто, мухлислар қалбида ишқилиб кучли олтиликдан тушиб кетмасак бўлди деган ниятлар ҳам пайдо бўлиб улгурганди. Кейинчалик, давралар оралиғида юз берган кескин ўзгаришлар ҳаммасини ўзгартириб юборди. Иштаҳа овқат пайтида келади деганларидек, кетма-кет ғалабалардан сўнг ҳаттоки чемпионликни орзу қила бошлаган мухлислар ҳам топилди. Аслида жамоа қўлга киритган бронза медали ҳам яхши натижа ҳисобланади. Чунки, 1-даврада жуда кўп очко йўқотилган эди.    
Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, бронза медаль соҳибларини келаси мавсумда ОЧЛ да иштирок этиш ёки этмаслиги Ўзбекистон кубоги финалидан сўнг маълум бўлади. "Бунёдкор" стадионида бўлиб ўтадиган амалдаги чемпион "Локомотив" ва мезбон "Бунёдкор" жамоалари ўртасидаги баҳсда нафақат кубок эгаси балки ОЧЛда иштирок этиш ҳуқуқини берувчи учинчи йўлланма соҳиби ҳам аниқ бўлади. Мазкур баҳсда "Локо" ғалаба қозонса "Пахтакор", акси бўлса "Бунёдкор" ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритади. Шубҳасиз, "шерлар" мухлислари финалда "Локо"га мухлислик қилишади. Арвеладзе айтганидек, янги мавсум режаси ана шу ўйиндан кейин тузилади. Фикримча, жамоа ОЧЛ га йўлланма олса олмаса ўз таркибини янада кучайтириши лозим. Легионерлар масаласини ҳам кўриб чиқса бўлади. Менга қолса, мавжуд легионерлардан фақатгина М.Симични олиб қолган бўлади эдим. Т.Безерра ҳам очилиб кетиши мумкин. Г.Канюк ва Гриффитс масаласида хатога йўл қўйилган деб ўйлайман. Албатта бу менинг шахсий фикрим. Агар жамоа ОЧЛ йўлланмасига эга чиқса, мавжуд таркиб билан ҳалқаро майдонда анча қийналиб қолади. Таркибда ҳар бир позицияга маҳоратли ижрочилар керак. Ўйлайманки, клуб раҳбарияти бу борадаги ишларни аллақачон бошлаб юборган.

Шота Арвеладзе

"Насаф"дан учралган йирик мағлубятдан сўнг "Пахтакор" бош мураббийи Шота Арвеладзе ҳақида жуда кўп гапирилди. Мутахассисни ўз ишининг устаси эмаслигию, ўзига яратилган имкониятлардан унумли фойдалана олмаганлиги ҳақида бонг урилди. Аслидачи? Аслида ҳам шундайми? Фикримча, чемпионатимизга янги ташриф буюрган Ш.Арвеладзега вақт керак. Тўғри, айрим учрашувларда у ҳам айрим хатоликларга йўл қўйди. Лекин ҳеч ким идеал эмас. Ундан ярим йилда мўъжиза кўрсатишини талаб қилишимиз нотўғри деб биламан. Ҳатто, ўша машҳур Гвардиола ҳам "Манчестер Сити"да мана энди, иккинчи мавсумидагина натижа кўрсатишга киришди. Ўтган йили у ҳам ҳеч нима қила олмаганди. Шундай экан, ярим мавсумни чемпионатимиз ва жамоаларимиз билан танишишга сарфлаган Арвеладзега ҳақиқий баҳони келаси мавсум якунида берсак тўғрироқ бўлади. Тўғри, унга сўраган ўйинчиси олиб берилди, талаб қилган шароитлар ҳам яратиб берилди. Лекин, бир-бирини тўлиқ тушиниб ҳаракатлана оладиган аҳил ва якдил жамоа тузиш учун ярим мавсум аниқ камлик қилади. Шундай бўлсада, у жамоа ўйинига ўзига хос янгилик кирита олди. Ўйинчиларни қисқа паслар билан, прессинг асосида чиройли ҳаракат қилишга ўргатди. Жамоа ўйинида қандайдир мазмун пайдо бўлди. Бу эса натижаларда ҳам ўз аксини топди. Унинг бошчилигида "Пахтакор" 2-даврада 10 та ғалаба, 2 та дуранг ва 2 та мағлубият қайд этди. Биринчи даврада 24 очко жамғарилган бўлса (7 та ғалаба, 3 та дуранг ва 5 та мағлубият), иккинчи даврада 32 очко қўлга киритилди. Қолаверса, грузиялик мутахассис клуб раҳбарияти томонидан қўйилган вазифани уддалади яъни кучли учликдан жой олди. Мутахассисларимиз доим такрорлаб келадиган бир гап бор, яъни мураббийларга кўпроқ ишлаш имкониятини бериш лозим. Шундай экан, ҳатто ОЧЛ га йўлланма ололмаган тақдирда ҳам Арвеладзени ўз ўрнида қолдириш тарафдориман. Акс ҳолда, ярим мавсум бекорга кетган бўлади. Фикримча, ана энди Арвеладзе нима қилиш кераклигинию, қайси жамоа билан қандай ўйнаш лозимлигини билади. 

Мақолани тайёрлашда championat.asia ва pakhtakor.uz сайтлари расмларидан фойдаланилди.

Комментарии

  1. Улуғбек мен ҳозирги футбол жуналистикамиздан Арвеладзе пахтакор ўйинига нима янгилик олиб кирди (натижаларан ташқари)? Ундан келажакдан яхши натижа кутиш учун (фақат пахакор учун эмас, ўзбек футболи учун пахтакор орқали) қандай асослар бор, деган саволларга жавоб кутаяпман. Чунки бизни журналистлар ҳам бу тўғрисида фикр билдира олса керак.Ахир улар Барса, Реал ҳақида жуда зўр фикрлашадику ёки бошқалардан таржима қилишармикан. Мен сизни яхши танимайман. Балки мутахассис эмасдирсиз. мени кечиринг. кўнглимга яқин бўлиб қолдингиз шунинг учун ёздим. мен тарихчи домламан. Лекин Қаҳрамон, Хайруллаларнинг Реал, Барса ҳақидаги таҳлилларини ўиганман. Кечаги ўйин таҳлилга муносиб эмасми? Асосий муаммо пахтакорга ғалаба, Насафга эса дурангни ҳам етарли эканлидамасми. Агар Рўзиқулни ўрнида Шота бўлганида у қандай тактика танлаган бўларди? Қисқаси шу каби саволларга жавобни, чуқур таҳлилни кутаман. Паповни таҳлиллари ҳам ёмон эмасди, авваллари ҳозир у ҳам Бабаяннинг тарафдори сифатида обрўйини йўқотди шекилли. Яна билмадим.

    ОтветитьУдалить

Отправить комментарий

Популярные сообщения из этого блога

"СУПЕРЛИГА". 21-тур. "Қўқон-1912"–"Пахтакор". Фақат ҳакамлар ҳақида

ОЧЛ плей-офф ўйини. Жамоаларимиз тайёрми? "Насаф" ҳақида

ОЧЛ-2018. "Локомотив" бўлажак "жанглар"га тайёрми?