"Йил ўйини" мақомидаги "Насаф"-"Пахтакор" беллашуви ҳақида

           ФИФА кунлари ҳам якунига етди. БААда қандай ўйин намойиш этганимизу, футболчиларимиз ҳаракатларини ҳаммамиз кўрдик. Ҳозир бу ҳақда эмас.

Ҳафта якунида миллий чемпионатимизнинг ҳал қилувчи ўйинларига старт берилади. 29-турдан ўрин олган "Насаф"-"Пахтакор" қарама-қаршилиги нафақат турнинг, балки мавсумнинг энг қайноқ, энг муҳим ва энг қизиқарли ўйини бўлиши кутилаяпти. Ҳозирда футболимизга алоқадор бўлган исталган инсоннинг диққат марказида ана шу учрашув турибди десак муболаға бўлмайди. Ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган бош мавзу ҳам ана шу ўйин атрофида шаклланаяпти. Сабаби, ўйиннинг қиймати жудаям катта. Ўртада кумуш медаль билан бирга келаси йили ОЧЛда иштирок этиш ҳуқуқини берувчи йўлланма турибди. Мазкур ўйинга бўлган қизиқиш ҳаттоки Ўзбекистон кубоги финали доирасидаги "Бунёдкор"-"Локомотив" баҳсига бўлган эътиборни-да ортда қолдираяпти.

Ўйин қандай бўлади? Ундаги ҳакамлар ҳаракати-чи? Мухлислар ўртасидаги баҳс қандай кўриниш олади? Ўйинни тўғридан-тўғри олиб кўрсатишармикан? каби саволлар мухлису-мутахассисларни бирдек ўйга толдирмоқда.

Хўш, бўлажак ўйинга жамоалар қай ҳолатда етиб келмоқда?
Қайд этиш керакки, ҳар икки клуб ҳам 2-даврани юқори даражада ўтказаяпти. Қаршининг "Насаф" клуби чемпионатимизнинг иккинчи қисмида 13 та ўйин ўтказиб, 2 марта мағлубиятга (сафарда "Бухоро" жамоасига 1:0 ва ўз майдонида "Бунёдкор"га қарши ўйинда 0:1) учраган бўлса, қолган баҳсларда ғалабани тантана қилган. "Пахтакор" эса ўтказилган 13 та ўйинда 2 та дуранг (сафарда "Динамо" (0:0) ва "Қизилқум" (1:1)), 1 та мағлубият (сафарда "Навбаҳор" (2:0)) ва 10 та ғалабани қўлга киритган. Жамоаларнинг иккинчи даврада тўплаган очколари мос равишда 33 ва 32 ни ташкил этмоқда. 2-даврада "Насаф" ўз майдонида бир бор мағлубиятга учраган бўлса, "Пахтакор" Тошкентда умуман мағлуб бўлмади. "Насаф"нинг ўз майдонидаги тўплар нисбати 16-1 (+15) ни ташкил этса, "шерлар"да бу кўрсаткич 17-1 (+16). Шу ўринда "Пахтакор"нинг 2-даврада юқотган 7 очкосининг барчаси сафар ўйинларига тўғри келганлигини айтиб ўтиш лозим. Бу эса тошкентликларга Қаршидан ғалаба олиб кетиш учун катта меҳнат қилиш зарурлигини англатади. 

Шу ўринда статистикага мурожат қиладиган бўлсак, жамоаларнинг ўзаро ўйинларидаги устунлик "шерлар" томонида эканлигини кўришимиз мумкин. Чемпионатимиз тарихида бу икки клуб ўзаро 42 бор тўқнаш келишган. "Насаф" тошкентлик рақибларини 9 бор мағлуб этган бўлса, 10 та учрашувда муроса йўли танланган. "Пахтакор"да эса ғалабалар сони анча кўп, яъни 23 та. Тўплар нисбатидаги устунлик ҳам "шерлар" фойдасига: 59-33. Сўнгги бешта ўйинни оладиган бўлсак, баҳсларнинг учтасида "Пахтакор" ғолиб бўлган. Битта учрашувда дуранг қайд этилган бўлса, "Насаф" ихтиёрида ҳам 1 та ғалаба мавжуд.    

Ўйинга ҳозирлик кўришда ҳар икки клуб ҳам бироз ноқулайликларга дуч келди. "Насаф" ўз мураббийи Рўзиқул Бердиев ва 10 нафар футболчисини МТЖ ва ёшлар жамоаси ихтиёрига жўнатган бўлса, "Пахтакор"да бундайлар сони 8 тани ташкил этмоқда. Аслида ўз олдига юқори мақсадларни қўядиган профессионал жамоа учун бу каби ҳолатлар баҳона бўлиши керак эмас. Чунки ҳар икки жамоа ихтиёрида бўлажак ўйинга ҳозирлик кўриш учун ўйин кунини ҳисобга олмаганда тўлиқ 3 кун вақт бор. Ортиқча сўзларга ҳожат йўқ деб ўйлайман.

Ҳакамлик ҳақида ҳам икки оғиз. Кўпчилик қатори мен ҳам мазкур беллашувни юртимизнинг биринчи рақамли ҳаками Равшан Эрматов бошқаришини кутгандим. Лекин, ПФЛнинг бу борадаги фикри бошқачароқ бўлди. "Йил ўйини" бўлиши кутилаётган учрашувни З.Қодиров бошчилигидаги навоийлик ҳакамлар жамоаси бошқарадиган бўлди. Ким билади дейсиз, балки ПФЛ марказий ўйинга нейтрал ҳакам қўйиш лозим деган маънода тошкентлик ҳакамларга мурожат қилмагандир. Мазкур хабар эълон қилингач, бир нечта сайтларда "йил ўйини"га таниқли бўлмаган ҳакам тайинланди номли хабарлар тарқалди. Уларга жавоб тарзида эса таниқли футбол эксперти Алишер Никимбаевнинг бўлажак учрашув ҳаками З.Қодиров ҳақидаги фикрларини келтириб ўтмоқчиман. Мутахассис "фейсбук" тармоғидаги ўз саҳифасида қўйидаги жумлаларни ёзиб қолдирган: "Зокирни (З.Қодиров назарда тутилаяпти) таниқли бўлмаган ҳакам деб атаётганлар уни олий лигада ишлаш бўйича 15 йиллик тажрибага эга эканлигини билишмайди. Зокир халқаро фаолият юритишга тўла ҳақли ҳисоблансада, Ўзбекистон фуқаролигига эга эмаслиги учунгина ФИФА рўйхатига киритилмаган...". Шундай экан, подадан олдин чанг чиқармасак яхши бўлар эди.

Айтишларича, ўйин техник сабабларга кўра телевидения орқали тўғридан-тўғри олиб берилмас экан. Шундай экан, стадионга ошиқинг ва севимли жамоангизни қўллаб қувватланг. Афсусланмайсиз.

Комментарии

Популярные сообщения из этого блога

"СУПЕРЛИГА". 21-тур. "Қўқон-1912"–"Пахтакор". Фақат ҳакамлар ҳақида

ОЧЛ плей-офф ўйини. Жамоаларимиз тайёрми? "Насаф" ҳақида

ОЧЛ-2018. "Локомотив" бўлажак "жанглар"га тайёрми?